Ким Чен Ин Россия ғалабаси учун қадаҳ кўтарди
Путин ва КХДР раҳбари учрашуви тафсилотлари.

Бугун барча сиёсатчилар, экспертлар, ОАВнинг эътибори Россияга қаратилди. Пезидент Владимир Путин КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашди. Путин ҳамкасби Ким Чен Инни Амур вилоятидаги «Восточний» космодромида кутиб олди.
Учрашув маросими техник мажмуанинг ракета-ташувчиларни ўрнатиш ва синовдан ўтказиш биносига асосий кириш эшигида бўлиб ўтди. Шимолий Корея етакчиси таклиф учун Владимир Путинга миннатдорчилик билдирган.
“Жанг билан банд бўлишингизга қарамай, бизни таклиф қилганингиз учун ташаккур”, деди Ин.
Мажмуа билан танишгач, томонлар музокараларни бошлаган. Тантанали қабул чоғида Шимолий Корея етакчиси Ин Россиянинг ғалабаси, унинг президенти Владимир Путин ҳамда Россия-Корея муносабатларининг мустаҳкамланиши учун қадаҳ кўтарди.
“Россия Федерациясининг ҳурматли Президенти, ўртоқ Владимир Владимирович Путиннинг мустаҳкам соғлиғи, буюк Россиянинг янги ғалабаси, рус-корея дўстлигининг узлуксиз ривожланиши ва мустаҳкамланиши, барчанинг саломатлиги учун қадаҳ кўтаришни таклиф қиламан”, — деди Ким Чен Ин.
КХДР раҳбари, шунингдек, Россия президенти билан барқарор муносабатларни ўрнатишга, улар асосида кучли давлатлар барпо этилишини рағбатлантиришга ҳамда халқаро адолатни ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди.
Дастлаб томонлар делегациялар иштирокида суҳбатлашди, кейин эса юзма-юз форматда. Кун тартибидан икки томонлама ҳамкорлик масалалари, жумладан, савдо-иқтисодий алоқалар ва маданий алмашинувлар, шунингдек, минтақадаги ҳамда бутун дунёдаги вазият жой олди.
Узоқ Шарқ минтақасидаги вазият, умуман Россия ҳамда Корея Халқ Демократик Республикаси ўртасидаги икки томонлама муносабатлар юзасидан очиқ фикр алмашилгани маълум қилинди.
“КХДР Россия билан авиация, транспорт ва инфратузилма соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятидан манфаатдор, ўтган музокаралар жуда мазмунли бўлди”, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Путин КХДР етакчиси Ким билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муносабатларни ривожлантиришни муҳокама қилганини айтди.
“Биз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳақида гаплашдик ва бу борада албатта таклиф қиладиган нарсамиз бор. Биз мамлакатга инсонпарварлик ёрдами ҳам кўрсатамиз. Аммо инсонпарварлик ёрдамидан ташқари оддийгина тенг шароитларда ишлаш имконияти ҳам бор”, — деди Путин.
Шунингдек, Кремль раҳбари транспорт алоқалари ва логистика билан боғлиқ бошқа қўшма лойиҳаларни ҳам айтиб ўтди.
Шундай қилиб, «Восточний» космодромидаги музокаралар якунланди. Аввалроқ президент матбуот котиби Дмитрий Песков учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманлари ёки ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмаганини маълум қилганди.
Путин ва Ин ўртасидаги музокараларни айниқса АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби давлатлар диққат билан кузатди. Ғарбнинг ишончи комилки, Москва озиқ-овқат ва технология эвазига Шимолий Кореядан ўқ-дорилар олмоқчи.
Кузатувчилар учрашув жойининг ўзи рамзий маънога эга эканлигини таъкидламоқда. Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, музокаралар бошланишидан аввал икки давлат раҳбарлари янги «Ангара» ракетасини йиғиш жараёни билан танишган, шунингдек, «Союз-2» ташувчи ракетасини учириш мажмуасини кўздан кечирган. Ғарб экспертлари Шимолий Корея ўзининг айғоқчи сунъий йўлдош дастурини ишлаб чиқиши ва янги ракета технологияларини қўлга киритиш истагига ишора қилмоқда.
“The New York Times” газетаси Москва Пхеняндан совет томонидан ишлаб чиқарилган артиллерия снарядлари ва танкка қарши ракеталарни олишга умид қилаётганини ёзди.
КХДР раҳбари Россияга президент Путиннинг таклифига биноан келган. Унинг ташрифи расмий мақомга эга — бу протокол амалиётидаги энг юқори тоифалардан биридир. Бунгача Ким Чен Ин Россияга 2019 йилнинг апрель ойида келган эди.







