Ливияда қурбонлар жасади эпидемия тарқатиши мумкин
Ҳозирда тошқиндан ҳалок бўлганлар сони 11 мингга етган.

Ливиянинг Дерна шаҳрида сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар оммавий қабрларга дафн қилинмоқда.
Расмийлар одамларнинг жасадлари эпидемиянинг пайдо бўлиши ва тарқалишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда. Биргина Дерна шаҳрида табиий офат қурбонлари сони саккиз мингдан ошди. Яна 10 минг кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.
Дерна шаҳрида бинолар, кўприклар ва йўллар вайрон бўлган. Қутқарувчилар ва кўнгиллилар бир неча кун давомида тупроқ уюмлари ва лой остидан омон қолганларни қидирмоқда.
Қурбонларни дафн этишга қутқарувчилар ва шифокорлардан иборат гуруҳ жалб этилган. Вақтинчалик қўним марказларида 30 мингдан ортиқ аҳоли тўпланган. Бир қанча давлатлар Ливияга гуманитар ёрдам жўнатмоқда.







