Оддий, камтар ва ҳашаматсиз ҳаёт — “ўзга сайёрадан келган” президентлар
Бу икки аёл ҳам Президент. Чапда Майя Санду — Молдова Республикаси Президенти, ўнгда Ҳалима Ёқуб — Сингапур собиқ Президенти.

Бу икки аёл ҳам Президент. Чапда Майя Санду — Молдова Республикаси Президенти, ўнгда Ҳалима Ёқуб — Сингапур собиқ Президенти.
Аёл киши сифатида уларнинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари кўп. Аммо эркаклардан фарқли ўлароқ улардаги асосий ўхшашлик — улар Президент бўлсалар ҳам халқининг ҳисобидан алоҳида самолётларда эмас, ҳамма қатори бирдек йўловчи рейсларда парвоз қилишади. Ҳашаматли ва шоҳона ҳаётдан кўра, оддийликни хуш кўришади.
Шу жиҳатдан уларни бугунги замоннинг буюк етакчилари дейиш мумкин.
Қоровулнинг президент қизи
Ҳалима Ёқуб — Сингапурнинг илк аёл президенти. Унинг отаси Ёқуб ҳинд мусулмони бўлиб, қоровуллик қилган. Онаси эса малай миллатига мансуб, кўчада овқат пишириб сотган. Ҳалима 8 ёшлигида отаси юрак хуружидан вафот этган. Ёшликдаги ўта оғир қийинчилик уни илмга бўлган муҳаббатига заррача халақит қилмайди. У илм ортидан энг юқори лавозимгача етиб келган ва Сингапурнинг илк аёл президенти саналади.

Сингапур Президенти, Бош вазири ва расмий шахслари одатда қайсидир давлатга сафар қилса, доимий йўловчи рейсларга чиқишади. Чипта пулини ўз чўнтакларидан тўлайди ва самолётда бошқа йўловчилар билан бирга ўтиради. Хусусан, Ҳалима Ёқуб жорий йилнинг 23 май куни расмий ташриф билан Ўзбекистон (Тошкент)га келганда UzAirways’нинг доимий рейсида етиб келган. Самарқандга ҳам поездда борган. Энг ҳайратланарлиси, Сингапур собиқ президенти Ҳалима Ёқуб турмуш ўртоғи Муҳаммад Абдулла Алҳабши билан Ўзбекистон пойтахтидаги ресторанлардан бирига ташриф буюрган. Улар у ерда Ўзбекистон расмий вакиллари иштирокисиз кечки овқат тановул қилган, мусиқачилар билан суратга тушган. Меҳмонлар китобига эса: “Ажойиб кечки овқат, мусиқа ва атмосфера учун раҳмат. Бизга кечки овқат жуда ёқди”, — деган ёзув қолдирган.



Айни пайтда 68 ёшда бўлган Ҳалима Ёқуб карьера билан бир қаторда, оилавий ҳаётини ҳам яхши изга солган. Талабалик даврида Муҳаммад Абдулла Ал Ҳашби исмли инсонга турмушга чиққан ва бугунги кунда улар беш фарзанднинг ота-онаси.
Асл касби иқтисодчи Президент
Майя Санду Молдованинг амалдаги президенти. У ҳам Ҳалима Ёқубдек мамлакат тарихидаги илк аёл президент ҳисобланади. Майя Санду мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Руминия билан чегарадош Молдова Фалест туманидаги қишлоқлардан бирида туғилган. Онаси мактабда ўқитувчи, отаси эса ветеринар бўлган. Оддий қишлоқ қизи Олий таълимни иқтисод йўналиши бўйича ўқиб, кейинчалик Ғарб давлатларидаги нуфузли олийгоҳларда ҳам таҳсил олган.

У фаолиятини 1994 йилда Молдова Иқтисодиёт вазирлигининг ташқи иқтисодий муносабатлар департаментида бош мутахассис лавозимидан бошлаган. 1996 йилда эса Иқтисодиёт вазирлиги бош бошқармаси раҳбарининг маслаҳатчиси ва тез орада амалда ўринбосари бўлган. Шунингдек, Жаҳон банкининг Молдовадаги ваколатхонасида маслаҳатчи, сўнгра иқтисодчи лавозимида ишлаган.

2016 йилда илк марта Молдова президенти сайловида ўз номзодини кўрсатади. Ўша пайтда Санду мамлакатнинг ўнг-марказ мухолифат кучларидан ягона номзод бўлган ва 38,71 фоиз овоз билан иккинчи турга чиқиб, иккинчи ўринни эгаллаган. 2020 йил 15 ноябрда бўлган Молдова Республикаси президентлигига номзодини қайта қўяди ва ғалаба қозонади.

Майя Санду ҳозир 51 ёшда. У турмушга чиқмаган. У Кишиневда тахминан 70 квадрат метр бўлган икки хонали уйда яшайди.


У президентликка сайланмасидан аввал ОАВга берган интервьюсида давлат пулларини турар-жойларга сарфламаслигини айтган.
У илк расмий ташриф билан Украинага ўзининг шахсий автомобилида борган.







