"Тоғли Қорабоғда тинч аҳолига нисбатан ҳеч қандай қоидабузарлик аниқламади"
БМТ миссияси ҳудуддаги ҳолат бўйича маълумот берди.

Тоғли Қорабоғга борган БМТ гуруҳи тинч аҳолига нисбатан ҳеч қандай қоидабузарлик ёки фуқаролик инфратузилмасига зарар етказилганини аниқламади.
1 октябрь, якшанба куни ташкилот вакиллари Озарбайжон кучлари этник арманлар яшовчи Қорабоғни назорат остига олганидан бир неча ҳафта ўтиб Ханкенди (Степанакерт) шаҳрига ташриф буюрган.
Арманистоннинг Озарбайжон томонидан минтақадаги этник тозалашга оид баёнотларига қарамай, Боку бундай ҳаракатларни рад этади. Озарбайжон ҳукумати маҳаллий арман аҳолисининг Қорабоғни тарк этмаслигидан манфаатдор эканини даъво қилмоқда.
БМТ миссияси вазиятни жойида баҳолаш, қолганлар ва кўчиб келганларнинг гуманитар эҳтиёжларини аниқлашни мақсад қилган.
Таъкидланишича, Қорабоғга ташриф буюрган гуруҳ тинч аҳолига нисбатан зўравонлик ҳолатларига дуч келмаган, шунингдек, “қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси вайрон бўлганини ёки ўлган ҳайвонларни пайқамаган”.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “конституциявий тузумни тиклаш” учун “аксилтеррор тадбирлари” ўтказилишини эълон қилганди.







