Россиялик мутахассислар юрак хуружининг олдини олиш усулини ишлаб чиқди
Бу беморнинг юраги ва пульс ритмидаги фарқларни таҳлил қилишга асосланган.

Россиялик олимлар беморларнинг қон томирлари қайишқоқлигини баҳолашнинг оддий усулини таклиф қилишди. Уларнинг фикрича, бу кўрсаткич юрак касалликларини ташхислаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Қон томирларининг деворлари қанчалик қаттиқ бўлса, одам қон босими кўтарилишига шунчалик сезгир ва юрак хасталикларига кўпроқ мойил бўлади. Мутахассислар қон томирларининг қайишқоқлигини баҳолашнинг янги усулини ишлаб чиқди, бу беморнинг юраги ва пульс ритмидаги фарқларни таҳлил қилишга асосланган.
“Майер тўлқинлари деб аталадиган қон босимининг даврий ўзгариши артериал томирларнинг қайишқоқлигининг ўзгаришига олиб келиши мумкин, бу эса юрак уриш тезлигининг қўшимча ўзгарувчанлигини келтириб чиқаради. Айнан мана шу фарқ қон томирлари деворларининг чўзилиш қобилиятини кўрсатувчи белгидир”, деди Самара миллий тадқиқот университети лазер ва биотехника тизимлари кафедраси доценти Александр Федотов.







