Тел-Авивда ҳаво қатнови тўхтатилди
Кўплаб авиакомпаниялар Исроилга парвозларни бекор қилмоқда.

Ҳамас ва Исроил ўртасидаги вазият туфайли Тел-Авивда ҳаво қатнови тўхтатилди. Деярли барча хорижий авиакомпаниялар ушбу йўналишдаги рейсларни бекор қилмоқда, юзлаб исроилликлар ўз ватанларига қайтиб кела олмай, бошқа мамлакатлар аэропортларида қолиб кетишган.
Шу билан бирга, Тел-Авив халқаро аэропортида фавқулодда бошпана жойларини кўрсатадиган белгиларни кўриш мумкин.
Маҳаллий ахборот агентликларига кўра, Фаластин ва Исроил ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида 700 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин киши жароҳатланган. Бу охирги йиллардаги Исроил-Фаластин можаросининг энг катта авж олишидир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси хабар беришича, Ўзбекистон Исроил билан авиақатновларни тўхтатгани йўқ.
«Четга кетишни хоҳловчилар самолёт чиптасини сотиб олиши мумкин», — дейилади элчихона хабарида.
Дипломатик миссия Исроилда бўлган ватандошлардан бедарак йўқолган, жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида ёки бошқа маълумотлар тўғрисида консуллик бўлимига +972 54 485 1397 телефон рақами орқали хабар беришни сўраган.
Uzbekistan Airways сайтидаги маълумотларга кўра, Тел-Авивдан Тошкентга навбатдаги рейслар 10, 12 ва 15 октябрь кунларига белгиланган.







