БМТнинг 13 минг ходими Ғазо секторида қолиб кетган
Бу ҳақда БМТ матбуот котиби маълум қилди.

Исроил блокада ҳақида эълон қилганидан кейин Ғазо секторида БМТнинг 13 мингга яқин ходими қолмоқда. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.
Гап Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) ходимлари ҳақида бормоқда. Дюжаррик уларнинг аксарияти фаластинликлар, 300 га яқини бошқа давлат фуқаролари эканини айтган.
«Улар маҳаллий аҳолига ёрдам бериш учун ўз ваколати доирасида қўлидан келган барча ишни қилмоқда», — деди у.
Шу куни UNRWA Ғазо секторидаги 137 мингдан ортиқ киши БМТнинг фавқулодда бошпаналарига ҳимоя излаш учун келганини, улар 90 фоизга тўлиб бўлганини эълон қилди. Агентлик Фаластин эксклавидаги вазият ёмонлашишда давом этишидан хавотирда.







