Фаластин — Исроил можароси: салкам 1 500 га яқин одам ҳалок бўлди
Ғазо секторида 3 мингга яқин, Исроилда эса 2,5 мингга яқин фуқаро жароҳатланган.

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти ва Исроил Тиббиёт хизмати маълумотларига кўра, Фаластин — Исроил урушида қанча одам ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди.
Ғазо секторида 510 киши ҳалок бўлди, 2750 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Исроилда эса 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 2243 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Эслатиб ўтамиз, шанба куни Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилиб, мамлакат уруш ҳолатига ўтганидан сўнг бир қатор давлатлар ўз фуқароларини Исроилдан эвакуация қилишни бошлади.
Душанба куни эрталаб Исроил ҳарбий амалдори бутун аҳоли пункти назорат остида экани ва Исроил ҳудудида ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатлар йўқлигини айтди. Бироқ Исроилда ҳамон ҲАМАС қўшинлари бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Кеча ҲАМАС Тел-Авив аэропортига ракета учиргани маълум бўлди. Шунингдек, Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Ғазо бутунлай изоляция қилинганлигини эълон қилди. У ерда электр токи, озиқ-овқат, сув ва ёқилғи бўлмаслигини айтди.
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос бунга жавобан анклавнинг сув, электр ва озиқ-овқат билан таъминланишини тўхтатиш инсониятга қарши жиноят ҳисобланиши ва халқаро аралашувни талаб қилишини таъкидлади.







