Ғазо секторидаги ҳужумларга Эроннинг алоқаси борми?
Эрон ушбу ҳужумга бир ҳафта олдин рухсат бергани тахмин қилинмоқда.

Ҳамас ва Исроил ўртасидаги ҳужумлардан сўнг Ғазо секторидаги вазиятга Эроннинг эҳтимолий аралашуви ҳақидаги саволлар кўпая бошлади.
Ҳамас ва Ливандаги Ҳизбуллоҳ партизан ҳаракатининг номлари ошкор қилинмаган аъзолари BBСʼга Эрон ушбу ҳужумга бир ҳафта олдин рухсат берганини айтган.
Аммо Вашингтон расмийси АҚШ ҳужумларда Эроннинг қўли борлигини тасдиқлаш учун ҳозирда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.
Шунга қарамай, сиёсий таҳлилчилар бу ҳақиқат эканига ишонишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, агар ҳужумлар ортида Эрон тургани маълум бўлса, бу можарони минтақавий қарама-қаршиликка айлантириши мумкин.
Эрон раҳбарлари Ҳамаснинг ҳужумларни мақтаган бўлсада, улар вазиятга аралашиш ҳақидаги гап-сўзларни рад этишмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири бу айбловларни рад этиб, Теҳрон бошқа давлатларнинг қарор қабул қилишига аралашмаган, дея баёнот берди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Вашингтон бу ҳужум ортида Эрон турганига оид далилларни ҳали кўрмаган.
Теҳрон кўп йиллардан бери Ҳамаснинг асосий ҳомийларидан бири бўлиб, уни молиявий ёрдам ва катта миқдордаги қурол-яроғ, жумладан, ракеталар билан таъминлаб келмоқда.
Исроил йиллар давомида Эроннинг Ғазога қурол етказиб бериш йўлларини бузишга ҳаракат қилди.
“Бу Эроннинг Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида тинчлик шартномаси тузилиши ҳақидаги хабарларга жавобидир”, дейди Исроил ташқи разведка агентлиги зобити.
Зобитнинг айтишича, Эрон шанба кунги ҳужумга ҳақиқатан ҳам буйруқ берган деган тахмин унчалик тўғри эмас. Исроил сўнгги ойларда Ҳамас расмийларининг ҳаракатини кузатган.
“Биз Солиҳ ал-Арурий (ташкилотнинг ҳарбий қаноти раҳбари) ва бошқа Ҳамас етакчилари Ливан ҳамда Эрон ўртасида учрашувлар ўтказаётганини, жумладан, Олий етакчисининг ўзи билан учрашганини кўрдик”, деди у.
“Аммо бу ҳужум вақтини келишиш учун етарли эмас эди. Ҳужум камида 75 фоиз Ҳамас раҳбариятининг мустақил қарори эди”, дея қўшимча қилади зобит.
Тел-Авив университетининг эронлик мутахассиси Раз Зиммт ҳам шундай фикрда. Ўтган душанба куни Байрутдаги йиғилишда Эрон ҳужумга яшил чироқ ёққан.
Бироқ, жаноб Разнинг айтишича, ҳужум қарорини Ҳамас вазиятдан ҳамда ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилган.







