Байден Исроилни уруш қонун-қоидаларига амал қилишга чақирди
АҚШ расмийларига кўра, ҲАМАС жангчиларининг Исроилга уюштирган ҳужуми чоғида 22 нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлган, яна 17 нафари бедарак йўқолган.

АҚШ президенти Жо Байден 11 октябрь куни Фаластин-Исроил можароси авж олганидан бери тўртинчи бор Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга телефон қилди. У Исроил ҳукуматини Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан жанговар ҳаракатларда «уруш қоидалари»га амал қилишга чақирди.
«Исроилнинг ғазаб ва умидсизлик билан... уруш қонун-қоидалари бўйича ҳаракат қилиши ҳақиқатдан ҳам муҳим», деди Байден Оқ уйда АҚШ яҳудий жамоат ташкилотлари вакиллари йиғилган учрашувда Нетаняҳу билан мулоқотига изоҳ берар экан. «Уруш олиб боришда ҳам қонун-қоидалар бор», — дея қўшимча қилди у.
Америка етакчиси ҲАМАС жангчиларининг уюштирган ҳужуми қурбонлари акс этган суратлар ҳақида гапирди ва ҳужумни «шафқатсиз кампания» деб атади.
«Нафақат нафрат, балки шафқатсизлик», — деди Байден.
У, шунингдек, АҚШ ҳукумати ҲАМАС томонидан гаровга олинган америкаликларни озод қилиш учун барча имкониятларни ишга солишига ишонтирди, бироқ Вашингтон қандай саъй-ҳаракатлар кўраётганига аниқлик киритмади.
АҚШ расмийларига кўра, 7 октябрь куни ҲАМАС жангчиларининг Исроилга уюштирган ҳужуми чоғида 22 АҚШ фуқароси ҳалок бўлган, яна 17 нафари бедарак йўқолган.







