Ғазода БМТнинг 11 нафар ходими ҳалок бўлди
Уларнинг айримлари ўз уйида оила аъзолари билан биргаликда ўлдирилган. Шунингдек, Исроил бомбардимони оқибатида БМТ мактабларининг 30 нафар ўқувчиси ҳам ҳалок бўлган.

ҲАМАС ва Исроил ўртасида қуролли тўқнашувларнинг янги тўлқини бошлангандан буён Ғазога берилаётган қуролли зарбалардан БМТнинг 11 нафар ходими ҳалок бўлди.
Халқаро ташкилотнинг Фаластин қочқинларига кўмак бўйича Яқин Шарқ офиси (UNRWA) директори ўринбосари Женнифер Остинга кўра, ҳалок бўлганлар БМТнинг Ғазодаги мактаби ўқитувчилари, шифокор, психолог, муҳандис ва бошқа ходимлардир.
«Уларнинг айримлари ўз уйида оила аъзолари билан биргаликда ўлдирилган. UNRWA бу йўқотишдан қаттиқ қайғуда ва ҳалок бўлган ҳамкасбларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради», – дейилади идора расмий хабарида.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳолат юзасидан таассуф изҳор қилар экан, ташкилот ходимлари «катта товон» тўлаганини таъкидлаган.
Гутерриш халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларини ҳурмат қилиш, тинч аҳоли қонини тўкмаслик ва қамал остидаги Ғазога сув, озиқ-овқат ва ёнилғи етказишга чорлаган.
Исроил бомбардимони оқибатида БМТ мактабларининг 30 нафар ўқувчиси ҳам ҳалок бўлган.
Айни пайтда 220 минг фаластинлик Ғазо минтақасидаги БМТ мактабларида жон сақламоқда. UNRWA Ғазода БМТ мактаблари ҳам талафот кўрганини маълум қилган.





