Ғазо сектори чуқур инқирозда—БМТ
Гуманитар вазият энг хавфли даражага етган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Ғазо секторидаги инқироз энг хавфли даражага етган.
"ҲАМАСнинг ўтган шанба куни Исроилга уюштирган ва 1200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли ҳужумлари ортидан Ғазо сектори кучли бомбардимон қилинди. Бизга зудлик билан инсонпарварлик ёрдами керак. Биз унга муҳтож бўлган ҳар бир кишига ёқилғи, озиқ-овқат ва сув етказиб беришимиз керак", деди у.
Бош котибнинг сўзларига кўра, 1,1 миллион кишини жанглар кетаётган ҳудуддан хавфсиз жойга кўчириш ўта хавфли, айрим ҳолларда имконсиздир.
Ғазо жанубидаги шифохоналар аллақачон тўлган ва шимолдан янги беморларни қабул қила олмайди. Соғлиқни сақлаш тизими таназзул ёқасида. Сўнгги бир неча кун ичида соғлиқни сақлаш муассасаларига 34 та ҳужум уюштирилган.







