ҲАМАС Путиннинг позициясини қадрлашини маълум қилди
Аввалроқ Путин Исроилдаги урушнинг сабабларини топгани хабар қилинганди.

Ғазони бошқараётган ҲАМАС гуруҳи Россиянинг Исроил агрессиясини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлашини билдирди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.
“Россия президенти Владимир Путиннинг халқимизга қарши сионистик тажовузга, гуманитар ёрдам етказиб беришни тўхтатиш ва хавфсиз тинч аҳолига ҳужум қилишга қарши туриши ҳақидаги позициясини юқори баҳолаймиз”, — дейилади ҲАМАС баёнотида.
Аввалроқ Россия президенти Путин Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги жангларда ҳар икки томонни тинч аҳоли қурбонларини “минималлаштириш ёки нолга тушириш”га чақирганди.
Шунингдек, Путин Исроилдаги урушнинг «сабабларини» топгани хабар қилинганди. Кремль раҳбарининг сўзларига кўра, Исроил Фаластин ерларининг бир қисмини босиб олган, Қўшма Штатлар эса Яқин Шарқдаги аҳоли пунктларини жойлаштириш механизмларини эътиборсиз қолдирган.







