Путин ва Нетаняху телефонда Исроил ва Ғазодаги вазиятни муҳокама қилди
Россия раҳбари музокаралар чоғида тинч аҳоли қурбон бўлаётган хатти-ҳаракатларни қоралаган.

Кремлнинг хабар қилишича, Россия раҳбари музокаралар чоғида тинч аҳоли қурбон бўлаётган хатти-ҳаракатларни қоралаган.
“Россия президенти ҳалок бўлган исроилликларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик изҳор этиб, тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар қурбонга айланган ҳар қандай ҳаракатларни қатъий рад этишини ва қоралашини таъкидлади”, — дея таъкидлади Кремл.
Россия президентининг сўзларига кўра, Россия Исроил ва Фаластин ўртасидаги қарама-қаршиликка барҳам бериш учун “вазиятни сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш учун” ҳаракат қилишга тайёр.
Кремл матбуот хизмати Путин ва Нетаняху ўртасидаги музокаралар ҳақида бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.
Аввалроқ, 16 октябр куни Путин Яқин Шарқ мамлакатлари – Сурия, Эрон, Миср раҳбарлари билан музокаралар ўтказган эди. Россия президенти Ғарбий Соҳилдаги Фаластин маъмурияти раиси Маҳмуд Аббос билан ҳам гаплашган.
ТАСС агентлиги Фаластиннинг WAFA ахборот агентлигига таяниб, “Путин Аббос билан суҳбатда Ғазодаги вазият кескинлашуви чоғида ҳалок бўлган фаластинликларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди”, дея хабар берган.





