Нетаньяху Рафаҳдаги қочқинлар лагерига қилинган ҳужумга муносабат билдирди
Исроил томони ҳали-бери урушни тўхтатиш ниятида эмас.

Исроилнинг Рафаҳдаги чодирлар лагерига ҳаво ҳужуми оқибатда камида 45 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳат олди.
Исроил парламентида сўзлаган Нетаньяху зарба "фожиали бахтсиз ҳодиса" эканлигини айтди, аммо шундай қўшимча қилди: "Мен барча мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмасман".
Унинг сўзларига кўра, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўрмоқда. Шунингдек, ЦАХАЛ можарога алоқадор бўлмаганларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилмоқда.
Исроилнинг зарбаси халқаро, жумладан, гуманитар ташкилотлар, БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг айтишича, Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатишга буйруқ берган қарорини ҳурмат қилиши керак.
Исроилнинг Ҳамас билан музокараларида воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеа тўхтаб қолган маслаҳатлашувларни қайта тиклаш ва гаровга олинганларни озод қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ахборот агентликларининг дипломатик манбаларига кўра, бугун Жазоир ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтади.







