БМТ: Сўнгги уч ҳафтада 1 миллионга яқин фаластинлик Рафаҳни тарк этди
Исроилнинг давомли ҳужумлари сабаб фаластинликлар бошпана излашга мажбур бўлмоқда.

Сўнгги уч ҳафта ичида Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридан 1 миллионга яқин фаластинлик қочиб кетди. Бу бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва иш билан шуғулланувчи агентлиги (УНРWА)нинг янги ҳисоботида айтилди.
Қайд этилишича, сўнгги уч ҳафта ичида камида 1 миллион фаластинлик Рафаҳни тарк этиб, Ғазо секторининг турли ҳудудларига кўчиб ўтишга мажбур бўлган.
Анклавда хавфсиз жой йўқлиги сабабли борадиган жойи йўқ бўлган фаластинликлар Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари туфайли бошпана излашга мажбур бўлди, деб таъкидлади УНРWА.
Бундан ташқари, агентлик озиқ-овқат ва сув етишмаслигига эътибор қаратди. Ҳар куни Ғазо секторидаги фаластинликларга ёрдам ва ҳимоя қилиш деярли имконсиз бўлиб қолмоқда, — дейилади ҳисоботда.







