Исроил разведка хизматлари Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хонни кузатган
Исроил Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд ишига мунтазам равишда аралашишга уринган.

"Гап Гаагадаги Халқаро жиноий суд ходимларини кенг миқёсда кузатиш ва Исроил хавфсизлик кучларининг Фаластин ҳудудидаги хатти-ҳаракатларини тергов қилишга халақит бериш мақсадида унинг ишига аралашишга уринишлар ҳақида кетмоқда", — дейилади Буюк Британиянинг Тhe Guardian, Исроилнинг “Сиҳа Мекомит” ва +972 нашрларининг қўшма суриштирувида.
Журналистларнинг сўзларига кўра, кузатув нишонлари орасида Халқаро жиноий суднинг амалдаги прокурори Карим Хон ҳам бўлиб, у Гаагадаги суддан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва мамлакат мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазода содир этилган уруш жиноятлари билан боғлиқ айбловлар билан ҳибсга олишга ордер беришни сўраган.
Ҳисоботда ёзилишича, Исроил деярли ўн йилдан бери судга қарши яширин "уруш" олиб бормоқда. Бу нафақат кузатув, балки хакерлик ҳужумларини ҳам ўз ичига олган.
"Карим Хон бир неча ой давомида кузатилган, бу эса бош вазир Нетаньяҳуга унинг ҳаракатларини олдиндан билиш имконини берган. Хоннинг Исроил махсус хизматлари томонидан кузатилган ёзишмаларидан унинг бир мунча вақт олдин Исроил раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрамоқчи бўлганлиги аниқланган, аммо бу қарор Қўшма Штатлар томонидан кучли босим остида бўлган", дейилади ҳисоботда.







