“Украина халқнинг розилигисиз мамлакат ҳудудини бермайди”
Зеленский Россия билан музокаралар ўтказишга тайёрлиги айтди.

Украина Россия билан урушни тинч йўл орқали ҳал қилиш доирасида халқнинг розилигисиз мамлакат ҳудудини бериш ниятида эмас. Бу ҳақида Президент Владимир Зеленский Le Monde нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Украинанинг ҳудудий яхлитлигига оид ҳар қандай муаммони биргина президент, ягона бир шахс ёки дунё етакчилари Украина халқининг иштирокисиз ҳал қила олмаслигини тушунишингиз керак. Украина расмийлари халқнинг розилигисиз ўз ҳудудларини кимгадир беришга ҳаққи йўқ. Агар мамлакат ерлари шундайлигича Россияга бериладиган бўлса, Владимир Путин буни ғалаба сифатида қабул қилади”, — дея таъкидлади Зеленский.
Украина президенти, шунингдек, Россияни музокаралар столида кўрмоқчилигини билдирди.
“Кўпчилик давлатлар сингари, мен ҳам ноябр ойида бўлиб ўтадиган Украинада тинчлик бўйича иккинчи саммитда Россия вакиллари иштирок этиши керак, деб ҳисоблайман, улар қўшма тинчлик режасини ишлаб чиқишимизга тўсқинлик қилмаслиги керак”, — дея фикр билдирди Зеленский.







