Афғонистон ҳукумати БМТ махсус маърузачисининг мамлакатга киришини тақиқлади
Бу ҳақида Германиянинг Deutsche Welle телеканалига берган интервьюсида Толибон расмийси Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.

Афғонистон ҳукумати БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетнинг мамлакатга киришини тақиқлади.
“Жаноб Беннетнинг Афғонистонга сафари тақиқланган, чунки у Афғонистонда ташвиқот олиб боришга тайинланган. У биз ишонадиган одам эмас. Унинг Афғонистонда ўрни йўқ, тарғибот ишлари билан банд бўлгани учун келишига ҳам рухсат беришмаяпти. У майда-чуйда масалаларни бўрттириб, бошқа муассасаларга ёлғон маълумот берди”, — деди Мужоҳид.
Унинг сўзларига кўра, БМТ институтлари Афғонистонда бўлаётган “ижобий воқеалар”ни кўрмайди, балки диққатини “ўз фикрича, заиф масалаларга” қаратади.
"Улар Афғонистонга қарши ташвиқот олиб бориш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда", — дея қўшимча қилди у.
Беннет 2022 йил апрелида БМТнинг Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси этиб тайинланган. У Афғонистоннинг амалдаги маъмуриятини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи учун танқид қилган.
Ўз навбатида, Афғонистон маъмурияти халқаро ҳамжамиятнинг, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳисоботлари “Афғонистондаги воқеликларга зид” эканини даъво қилмоқда.







