Ҳиндистонда iPhone қурилмалари ишлаб чиқарувчи завод ёниб кетди
Бу янги iPhone 16 учун таркибий қисмлар етказиб бериш занжирига жиддий зарар етказиши мумкин.

Ҳиндистоннинг Хосур шаҳридаги Tata Elestronics заводида ёнғин юз берди. Бу ҳақида маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Қайд этилишича, завод Apple смартфонлари учун бутловчи қисмлар, масалан, орқа панеллар ва бошқаларни ишлаб чиқаради.
Ёнғин шанба куни эрталаб 5:30 ларда содир бўлган. Оқибатда бино томи қулаб тушган. Ҳодиса уяли телефон аксессуарларини бўяш устахонасида содир бўлгани тахмин қилинмоқда.
Ёнғин пайти бинодан 523 киши эвакуация қилинган, яна 10 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган. Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқланмаган, тергов давом этмоқда.







