Россия Арманистон ва Эрон чегарасини қўриқлашни тўхтатади
Бу ҳақида Арманистон бош вазири матбуот котиби хабар берди.

Россия чегарачилари Арманистон ва Эрон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктини қўриқлашни тўхтатади. Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин Москвадаги учрашувда шу ҳақда келишиб олди.
Арманистон бош вазири матбуот котиби Назели Багдасаряннинг сўзларига кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб назорат-ўтказиш пунктида назорат тўлиқ Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) чегара қўшинлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, МХХ чегара қўшинлари Арманистоннинг Эрон ва Туркия билан давлат чегараларини ҳимоя қилишда иштирок этади.
Хабарда айтилишича, Пашинян Арманистон мустақилликка эришганидан бери Арманистон ва Эрон ўртасидаги чегара назорат пунктида россиялик чегарачилар хизмати учун Путинга миннатдорчилик билдирган.







