Алишер Усмонов журналистни судга берди
У миллиардернинг обрўсига путур етказишда айбланган.

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Кёлн прокуратурасига ARD журналисти Ханс-Ёахим Зеппелтга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини сўраб ариза берган.
Бунга сабаб эса аввалроқ мазкур журналист Усмоновни Халқаро қиличбозлик федерациясида ҳакамларга пора бериш тизимини яратишда айблаганди.
Октябрь ойи бошида Гамбург вилоят суди Зеппелтга қарши ишда Усмонов тарафини олган ва “шубҳага асосланган номақбул хабарлар” тарқатилишига қарши қарор чиқарган эди. Шундан сўнг, АРД телеканали журналист россиялик тадбиркорга қарши айбловлар қўйган хабарни ўчириб ташлаган.
Усмоновнинг адвокати маълум қилишича, 8 октябрь куни Усмонов ҳам Кёлн прокуратурасига Зеппелтга нисбатан жиноий иш қўзғатиш тўғрисида ариза топширган.
“Зеппелт Усмоновнинг обрўсига путур етказишга уринди. Аммо унинг ҳеч қандай фактлари бўлмаган. Бу журналистика эмас, бу шармандалик”, – деган Усмоновнинг адвокати.







