Ерга оид қонунбузарликка жавобгарлик кучайтирилмоқда
Бу бўйича айрим қонунларга ўзгартириш киритилди.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларидан самарали фойдаланиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан амалиётга қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш каби жиноятлар фақатгина прокуратура органлари томонидан тергов қилиниши белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай турдаги жиноятларни тергов қилиш нафақат прокуратура, балки ички ишлар органлари терговчилари томонидан ҳам амалга оширилар эди.
Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари судларда ўзбошимчалик билан эгалланган давлат эгалигидаги ер участкаларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлашга оид ишларни кўриб чиқишнинг алоҳида тартибини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фуқаролик ва иқтисодий судларга ер тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ даъво ариза киритишда давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.
Муҳокама давомида Қонуннинг қабул қилиниши ер участкаларига нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлиги ошишига, жиноятлар бўйича етказилган зарарнинг ўз вақтида ундирилишига хизмат қилиши таъкидланди. Қизғин муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.







