Қора денгиз номи “Рус денгизи”га ўзгартирилиши мумкин
Россиялик депутат шундай таклифни илгари сурмоқда.

Саратов вилоят думаси депутати Денис Буланов Қора денгиз номини “Рус денгизи”га ўзгартиришни таклиф қилди. У денгиз рус денгизи номи билан тилга олинган қадимги рус ва Европа архивларига таяниб, ушбу ташаббус билан чиққан.
Булановнинг сўзларига кўра, жой номларини қайта кўриб чиқиш ғояси бутун дунёда тобора оммалашиб бормоқда. Унинг фикрича, бу мамлакатларнинг тарихий ва маданий ўзига хослигини таъкидлаш истагини акс эттиради.
“Шу нуқтайи назардан қора денгизга унинг эски номи — Рус денгизини қайтариш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак”, деб ёзади у.
Аввалроқ АҚШ президенти лавозимига киришган Доналд Трамп Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб қайта номлаш жараёнини бошлаш ҳақида айтиб ўтганди.
Комила Одилова тайёрлади







