Германияда Тесла савдоси ҳажми пасайди
Буни Илон Маскнинг сўнгги баёнотлари билан боғлашмоқда.

Январь ойида Германияда Тесла электромобиллари савдоси 59,5 фоизга тушиб, 1277 донани ташкил қилди. Бу маълумотлар 5 февраль куни Германия Федерал автомобиль бошқармаси томонидан эълон қилинди.
Бу Теслаънинг 2021 йил июлидан бери Германиядаги энг паст ойлик савдоси бўлди. Шу билан бирга, умумий ҳисоблаганда, ушбу даврда тўлиқ электр автомобиллар савдоси 53,5 фоизга ошиб, 34,5 мингтага етди.
Айрим оммавий ахборот воситалари буни инобатга олган ҳолда, Тесла электромобиллари сотувининг кескин пасайишини компания раҳбари Илон Маскнинг сўнгги баёнотлари билан боғлашмоқда. Бир неча ҳафта олдин у ўзининг Х ижтимоий тармоғи саҳифасида трансляция қилди ва у ерда "Германия учун муқобил" (AfD) партиясидан номзод Элис Вайдел билан суҳбатлашди. Маск, шунингдек, Х да фақат AfD Германияни қутқара олиши ва февраль ойи охирида бўлиб ўтадиган Бундестаг сайловларида у ғалаба қозонишини ёзди.
Тесла асосчиси яқинда бошқа Европа давлатлари, жумладан, Франция ва Буюк Британия сиёсати ҳақида гапирди. Январь ойида Тесланинг Францияда сотуви 63 фоизга, Буюк Британияда 12 фоизга камайди. Бундан ташқари, компаниянинг электромобиллар савдоси Швецияда (44 фоизга) ва Норвегияда (38 фоизга) пасайди.
Комила Одилова тайёрлади







