Дональд Трамп Путин билан телефонлашди
Уларнинг суҳбати 1,5 соат давом этган.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин АҚШлик ҳамкасби Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашди.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, икки давлат етакчилари биринчи навбатда Украинадаги можарога эътибор қаратган. Трамп Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни имкон қадар тезроқ тўхтатиш тарафдори эканлигини маълум қилган. Путин эса аввало можаронинг асл келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш лозимлигини таъкидлаган.
Владимир Путин Трампнинг биргаликда ишлаш вақти келгани ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлаб, уни Москвага таклиф қилди. Шунингдек, сиёсатчилар ўзаро учрашув ташкил этиш бўйича ҳам келишиб олди. Россия Президенти Украина масаласида мулоқот учун ташриф буюрувчи АҚШ расмийларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган.
Дональд Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида суҳбат жуда мазмунли бўлгани ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, томонлар Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш ҳамда Эроннинг ядровий дастури бўйича ҳам фикр алмашишган. Қолаверса, Россия ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.







