АҚШ ва Россия Арктикадаги табиий ресурсларни қазиб олмоқчи
Икки давлат буни биргаликда амалга ошириши мумкин.

АҚШ ва Россия Арктикада табиий ресурсларни биргаликда қазиб олиш ва савдо йўллари бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақида Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Агентликнинг бир манбаси америкалик расмийлар Арктика бўйича ҳамкорликни Москва ва Пекин ўртасида низо чиқариш усули сифатида кўриб чиқаётганини айтди. Бироқ у бу режалар муваффақиятли бўлиши даргумон эканини, чунки сўнгги йилларда Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар анча мустаҳкамланганини таъкидлади.
Россия ва NATO'нинг етти аъзоси – АҚШ, Канада, Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия ва Швеция билан ўралган Арктика минтақаси сўнгги йилларда тобора кўпроқ қизиқишга сабаб бўлмоқда. Иқлим ўзгариши сабабли музларнинг эриши Арктикада янги денгиз йўллари ва энергетик ҳамда минерал ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини очмоқда.







