Ҳиндистонда эркак кинотеатрни судга берди
Бунга рекламалар сабаб ишга кечиккани сабаб бўлган.

Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида яшовчи 30 ёшли эркак кинотеатрда фильм бошланишидан олдин ҳаддан ташқари кўп реклама намойиш қилингани учун ПВР Инох кинотеатрлар тармоғини судга берди ва даъвода ютиб чиқди.
2024 йил декабрь ойида Абишек исмли фуқаро дўстлари билан “Довюрак Сем” фильмини томоша қилиш учун кинога борган. Фильм жадвалга кўра 16:05 да бошланиши керак эди, аммо фильм олдидан 25 дақиқа давомида тижорат рекламаси ва бўлажак фильмлар анонси қўйилган.
Натижада, Абишек ишга кечиккан ва режалаштирилган бошқа тадбирларда қатнаша олмаган. У кинотеатр томошабинларнинг вақтини тижорат мақсадларида суиистеъмол қилганини айтиб, судга мурожаат қилган. Суд қарорида "замонавий дунёда вақт пул билан тенг ва уни беҳуда сарфлашга ҳеч ким мажбур бўлмаслиги керак", деб таъкидланган.
Кинотеатр тармоғи вакиллари ижтимоий рекламаларни намойиш этиш қонуний талаб эканини айтиб, ўзларини оқлашга уринди. Бироқ суд фильмдан олдин кўрсатилган рекламаларнинг аксарияти тижорий характерга эга эканини аниқлади ва даъвогар фойдасига қарор чиқарди.
Ҳиндистонда кинореклама саноати тез ривожланиб, у энг самарали маркетинг воситаларидан бири ҳисобланади. Ғарб мамлакатларидан фарқли равишда, Ҳиндистон кинотеатрларида реклама фақат фильм олдидан эмас, балки фильм ўртасида ҳам намойиш этилади.







