Мисрда 3000 йиллик қадимий мажмуа топилди
У ерда олтин қайта ишлаб чиқарилган.

Мисрнинг Қизил денгиз соҳилидаги Марса Алам шаҳри яқинида археологлар 3000 йиллик қадимий олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуасини топдилар. Бу ёдгорлик Жабал Сукари тоғи ҳудудида реставрация ишлари давомида аниқланган.
Миср қадимий ашёлар олий кенгаши бош котиби Муҳаммад Исмоил Холиднинг сўзларига кўра, мажмуа таркибига рудани майдалаш станциялари, фильтрлаш ҳавзалари, лой печлари ҳамда Птолемей даврига оид турар-жойлар ва устахоналар киради.
Археологлар, шунингдек, Бастет ва Гарпократ ҳайкалчалари, заргарлик буюмлари ва 628 та сопол идиш топган. Рим ва ислом даврига оид топилмалар эса бу жой асрлар давомида ишлатилганини кўрсатмоқда.
Бу кашфиёт қадимги Мисрда олтиннинг аҳамиятини ва унинг қазиб олиниши жараёнини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.







