Дунё аҳолиси кескин камайиши кутилмоқда
Бу ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин.

БМТ прогнозларига кўра, 2080 йилларда глобал аҳоли сони 10,3 миллиардга етиши кутилмоқда, бироқ ундан кейин пасайиш бошланади. Ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатларда туғилиш даражаси кескин камайган, бу эса демографик мувозанатга таъсир қилмоқда.
Кўпгина ривожланган давлатларда туғилиш кўрсаткичи 2,1 дан паст бўлиб, бу табиий аҳолининг қайта тикланиши учун етарли эмас. Масалан, Хитой, Россия ва Япония аҳолиси аллақачон камайишни бошлаган ва 2054 йилга келиб, бу мамлакатларда аҳоли сони 14 фоизга қисқариши мумкин. Туғилишнинг пасайишига урбанизация, аёлларнинг олий таълим ва иш бозорида фаол иштирок этиши ҳамда иқтисодий омиллар сабаб бўлиши мумкин.
Ушбу тенденция ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келиши кутилмоқда. Масалан, кексалар сони ёш болаларга нисбатан кўпайиб боради, бу эса пенсия тизимига ва меҳнат бозорига жиддий таъсир қилади. Шунингдек, айрим мамлакатлар ишчи кучи етишмовчилигини ҳал қилиш учун миграция сиёсатини ўзгартиришга мажбур бўлиши мумкин.







