Францияда кучли ёғингарчилик ҳаёт тарзини издан чиқарди
Бу табиий офат «Эрминия» бўрони сабаб юзага келган.

Франциянинг шимоли-ғарбий ҳудудларида, жумладан, Бретан ва Пейи-де-Ла-Луар минтақаларида юз берган кучли ёмғир ва тошқинлар оқибатида қарийб 4 000 хонадон электр таъминотисиз қолди.
Морбиян, Атлантик Луара ҳамда Ил ва Вилен департаментларида «қизил» – энг юқори даражадаги об-ҳаво хавфи эълон қилинди. Маҳаллий қутқарув хизматлари табиий офатдан жабр кўрган аҳолига ёрдам бермоқда. Ҳозиргача фақат Ил ва Вилен департаментининг ўзида 600 га яқин фуқаро эвакуация қилинган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Шиддатли ёмғир ва тошқинлар темир йўл қатновига ҳам таъсир ўтказди. Айниқса, Ле-Ман ва Анже шаҳарлари ўртасидаги темир йўл линиясида ҳаракат секинлашди ва поездларнинг жўнаш вақти кечикмоқда.
Бретан минтақаси маъмурий маркази – Ренн шаҳри мери Натали Апперенинг сўзларига кўра, табиий офат 15 000 га яқин кишининг ҳаётига таъсир кўрсатган.







