Дунёдаги энг саховатли донор вафот этди
Унинг қони 2 миллиондан ортиқ боланинг ҳаётини сақлаб қолган.

Дунёдаги энг саховатли донор сифатида тан олинган австралиялик Жеймс Харрисон 88 ёшида вафот этди. У 17 февраль куни Янги Жанубий Уэлсдаги қариялар уйида ҳаётдан кўз юмди.
Жеймс Харрисон 1954 йилда донорлик фаолиятини бошлаган ва орадан кўп ўтмай, унинг қонида ноёб антикор борлиги аниқланган. Бу кашфиёт Анти-Д препаратини ишлаб чиқишда асос бўлди, натижада Австралияда резус мос келмаслиги сабаб чақалоқларда юзага келадиган гемолитик касалликнинг олдини олиш имконияти яратилди.
Харрисон ҳаёти давомида 1173 марта қон топширган ва унинг саховатли ёрдами туфайли 2,4 миллиондан ортиқ чақалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинган. У Австралияда "олтин қўлли одам" номи билан машҳур бўлди.
Харрисон 14 ёшида оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг донорларнинг қони туфайли омон қолган. Шундан сўнг, у балоғат ёшига етиши билан донорлик қилишни мақсад қилган ва 2018 йилгача, яъни 81 ёшигача, бу ишни давом эттирган.
Австралиянинг Лифеблоод ташкилоти Жеймс Харрисоннинг фидойилиги ҳақида шундай баёнот берди:
"Жеймс бизнинг Анти-Д дастуримизнинг кашшофи эди. 1967 йилдан бери унинг қони ишлатилган Анти-Д препаратининг 3 миллиондан ортиқ дозаси манфий қон гуруҳига эга оналарга берилган."
Жеймс Харрисон ўз меҳр-муруввати ва инсонпарварлиги билан бутун дунёга донорликнинг нақадар муҳимлигини исботлаган инсон сифатида тарихда қолади.







