Шимолий Корея сайёҳлар учун чегараларини очди
Бироқ орадан кўп ўтмай мамлакат яна ёпилди.

Шимолий Корея беш йиллик изоляциядан сўнг чет эллик сайёҳлар учун чегараларини очди, бироқ орадан кўп ўтмай, Пхенян бу қарорини кескин бекор қилди. Хабарларга кўра, Шимолий Кореянинг Хитой билан чегарадош Расон шаҳрига ташрифлар яна тўхтатилган.
Февраль ойида Шимолий Кореянинг Расон шаҳри оз сонли хорижлик сайёҳларни қабул қила бошлади. Ғарб сайёҳлик агентликлари Пхеняндан рухсат олганини тасдиқлаган эди. Аммо бир неча ҳафта ўтиб, мамлакат эшикларини яна ёпди.
Пекинда жойлашган Koryo Tours агентлиги ҳам Расоннинг вақтинча ёпилганини тасдиқлади. KTG агентлиги эса бунинг сабаби номаълум эканлигини таъкидлади.
Шимолий Корея 2020 йилда COVID-19 пандемияси сабабли барча халқаро туризмни тўхтатган эди. Кейинчалик, Пхенян Хитой ва Россия билан савдо алоқаларини кучайтирган бўлсада, Ғарб билан деярли алоқалар йўқ эди.
Шимолий Корея чегараларни қайта ёпиш сабабларини расман изоҳламаган. Кузатувчиларга кўра, бу Пхеняннинг ички сиёсат ёки халқаро босимлар туфайли қабул қилинган навбатдаги кескин қарорларидан бири бўлиши мумкин.
Сайёҳлик фирмалари вазиятни тушунишга ҳаракат қилмоқда, бироқ КХДР яна қачон очилиши номаълум.







