Жанубий Африкада автобус ҳалокатга учради
Ҳодиса оқибатида12 киши ҳалок бўлган.

Жанубий Африканинг Ёханнесбург шаҳрида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, яна 45 нафари жароҳатланди.
Бахтсиз ҳодиса шаҳар асосий аэропорти яқинидаги катта йўлда юз берган. Гувоҳларнинг айтишича, автобус тўсатдан йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган. ЙТҲга бошқа транспорт воситалари жалб этилмаган.
Ҳодисанинг аниқ сабаблари ҳали аниқланмаган. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса жойида тергов олиб бормоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши ёки техник носозлик ҳалокатга сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Маҳаллий расмийлар жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини таъкидлашди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, айрим жабрланувчиларнинг аҳволи оғир бўлиб, қурбонлар сони ортиши эҳтимоли бор.
Ҳодиса юзасидан расмий тергов бошланган бўлиб, автобус компанияси ва йўл ҳаракати мутасаддилари жавобгарликка тортилиши мумкин.







