Олимлар сувнинг янги ноодатий хусусиятини аниқлашди
У янги материаллар яратишда қўлланилиши мумкин.

Калифорния университети олимлари сув юқори босим ва паст ҳароратда турли зичликдаги икки фазага ажралиши мумкинлигини аниқладилар. Бу кашфиёт сувнинг физикавий хусусиятлари ҳақидаги илгари назарий жиҳатдан тахмин қилинган, аммо ҳали тажрибада исботланмаган ғояларни тасдиқлайди.
Тадқиқотчилар махсус компьютер моделлаштириш технологияларидан фойдаланиб, -75°С ҳарорат ва 1250 атмосфера босимда сув бир хил суюқлик бўлишни тўхтатишини ва иккита фазага – бири юқори зичликли, иккинчиси паст зичликли ҳолатга ўтишини аниқладилар. Бу ҳодисани лаборатория шароитида такрорлаш мураккаб бўлсада, олимлар келажакда экспериментал тасдиқлаш усуллари ишлаб чиқилишига умид қилишмоқда.
Ушбу тадқиқотнинг натижалари атроф-муҳит муҳофазаси, сувни тозалаш ва турли технологик жараёнлар учун янги материаллар яратишда қўлланилиши мумкин. Масалан, сувнинг зичлигини бошқариш орқали ифлослантирувчи моддаларни самарали ўзлаштирувчи ёки сувни тузсизлантиришга ёрдам берувчи технологиялар ишлаб чиқилиши эҳтимоли мавжуд.







