Саудия Арабистони Украинани тиклашга сармоя киритиши мумкин
Зеленский ва бин Салмон Жиддада инвестициялар ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни муҳокама қилди.

Саудия Арабистони урушдан кейин Украинани қайта тиклашга инвестиция киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу масала Украина президенти Володимир Зеленский ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг Жиддадаги учрашувида муҳокама қилинди. Музокаралар натижасида томонлар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва сармоя киритиш бўйича келишувга эришди.
Украина президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Киев Саудия Арабистони билан савдо, иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бу давлатнинг Украинани тиклаш жараёнида иштирок этишидан манфаатдор. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон эса Саудия Арабистони Украинага ва унинг келажагига сармоя киритиш ниятини тасдиқлаган.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, музокаралар давомида томонлар энергетика, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва инфратузилма каби соҳаларда инвестицион ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришган. Шунингдек, нефть, газ ва нефть-кимё соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинган.







