Россия Украинадаги урушни тугатиш талабларини тақдим этди
Улар Америка расмийлари билан муҳокама қилинган.

Россия АҚШга Украинага қарши урушни тугатиш ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни тиклаш бўйича талаблар рўйхатини юборди. Москва ушбу талабларни сўнгги уч ҳафта ичида юзма-юз ва виртуал учрашувларда Америка расмийлари билан муҳокама қилган. Ушбу талаблар аввалроқ Россия томонидан Украина, АҚШ ва НАТОга қўйилган шартларга ўхшаш экани айтилмоқда.
Россиянинг олдинги талабларига Украинанинг НАТОга аъзо бўлишидан воз кечиши, Қрим ва Донбасс ҳудудларининг Россияга тегишли экани тан олиниши ва Украина ҳудудига хорижий қўшинлар киритилмаслиги каби шартлар кирган эди. Россия, шунингдек, НАТОнинг шарққа кенгайишини урушнинг асосий сабаби сифатида кўриб, бу масалани ҳал қилишга чақирган.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса Путиннинг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга рози бўлишини кутаётганини маълум қилди. Украина президенти Владимир Зеленский буни тинчлик музокараларига қўйилган илк қадам сифатида баҳолади. Аммо айрим АҚШ расмийлари ва экспертлари Путин бу келишувдан Ғарб давлатлари ўртасидаги келишмовчиликларни кучайтириш ва музокараларни издан чиқариш учун фойдаланиши мумкинлигини таъкидламоқда.





