Галактикалардан бирида кислород аниқланди
У Ердан 13,4 миллиард ёруғлик йили узоқлигида жойлашган.

Халқаро астрономлар гуруҳи ЖАДEС-ГС-з14-0 галактикасида сезиларли миқдорда кислород ионлари мавжудлигини аниқлади. Бу кашфиёт АЛМА микротўлқинли телескопи орқали амалга оширилди ва Европа Жанубий Обсерваторияси томонидан эълон қилинди.
ЖАДEС-ГС-з14-0 галактикаси Ердан 13,4 миллиард ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, биз уни Катта портлашдан атиги 290 миллион йил ўтгандаги ҳолатида кузатяпмиз. Бу эса уни ҳозиргача аниқланган энг қадимги галактикалардан бирига айлантиради. Олимлар бу галактиканинг кутилганидан анча тез шаклланганини ва ривожланганини қайд этишмоқда.
Дастлаб тадқиқотчилар ушбу галактикада водород ва гелийдан оғирроқ элементлар жуда оз бўлишини кутишган эди. Бироқ АЛМА томонидан олинган маълумотлар катта миқдорда углерод ва кислород мавжудлигини кўрсатди. Бу назарий тахминлардан ўн баравар юқори бўлиб, коинотдаги дастлабки галактикалар шаклланиш тезлигини паст баҳолаганимизни исботлайди.
Келажакдаги кузатувлар ЖАДEС-ГС-з14-0 сингари қадимги галактикаларнинг қандай кимёвий жараёнлар орқали шаклланганини ва уларнинг юлдузлари қачон пайдо бўлганини янада аниқлаштиришга ёрдам беради.







