Конор Макгрегорга 7 йил қамоқ жазоси берилиши мумкин
У Дублиндаги тартибсизликларга сабаб бўлган деб гумон қилинмоқда.

Ирландиянинг собиқ икки карра УФС чемпиони Конор Макгрегор ижтимоий тармоқлардаги постлари сабабли этти йилгача қамоқ жазосига дуч келиши мумкин.
Хабарларга кўра, Ирландия давлат айблови директори спортчининг 2023 йил ноябрь ойида Дублиндаги тартибсизликлар олдидан ижтимоий тармоқда жойлаган баёнотларини диққат билан ўрганмоқда. Ушбу постларда Макгрегор муҳожирлар мавзусига тўхталган ва унинг фикрлари оммавий норозиликларга сабаб бўлгани айтилмоқда. Расмийлар унинг сўзлари зўравонлик ва тартибсизликларни авж олдирган бўлиши мумкинлигини текширмоқда.
Ирландия қонунчилигига кўра, нафратни қўзғатиш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Ушбу ҳолат мамлакатда сўз эркинлиги ва нафрат нутқига қарши кураш борасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим сиёсатчилар Макгрегорнинг сўзлари хавфли эканини таъкидлаётган бўлса, бошқалар бу ҳолатни фикр билдириш эркинлигига таҳдид деб баҳоламоқда.
Ҳозирча Макгрегорга қарши расмий айблов қўйилмаган, тергов давом этмоқда. Таҳлилчиларга кўра, агар унга расмий айблов қўйилса, бу нафақат унинг спортдаги келажагига, балки тижорий фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Макгрегор ҳали бу борада расмий баёнот бергани йўқ.








