Данияда ҳарбий хизмат аёллар учун ҳам мажбурий бўлади
Эндиликда ҳарбий хизмат муддати узайтирилди ва аёллар ҳам чақирилади.

Дания 2026 йилдан бошлаб аёллар учун ҳам мажбурий ҳарбий хизматни жорий қилади. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен маълум қилди.
Янги тартибга кўра, 2025 йил 1 июлдан кейин 18 ёшга тўладиган данияликлар ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин. Аввал мажбурий ҳарбий хизмат фақат эркаклар учун эди, бироқ амалда аксарият чақирилувчилар хизматга кўнгилли равишда борарди.
Шунингдек, 2026 йил августидан бошлаб Данияда ҳарбий хизмат муддати тўрт ойдан ўн бир ойгача узайтирилади.
Шу тариқа, Дания Европа Иттифоқида аёллар учун мажбурий ҳарбий хизматни жорий қилган иккинчи давлатга айланади. Швецияда бундай тизим 2017 йилдан бери амал қилади. НАТОга аъзо бўлиб, бироқ Европа Иттифоқига кирмаган Норвегияда ҳам аёллар ҳарбий хизматни ўташлари шарт.







