Боливияда кучли сув тошқинлари сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Бу сўнги 40 йилдаги энг кучли ёмғингарчилик ҳисобланади.

Боливия ҳукумати мамлакат бўйлаб юзага келган кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилди. Сўнгги ойларда табиий офатлар 50 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Мамлакат президенти Луис Арсе ҳукумат аъзолари иштирокидаги матбуот анжуманида ушбу фавқулодда чорани эълон қилди.
"Табиий офат бизни фавқулодда ҳолат жорий этишга мажбур қилди. Бугун биз тегишли фармонни имзоладик, бу офат оқибатларини бартараф этиш ишларини тезлаштиради", – деди у.
Президентнинг сўзларига кўра, кучли ёмғирлар натижасида 209 та муниципалитет зарар кўрган. Шунингдек, 818 та уй бутунлай вайрон бўлган, 51 киши ҳалок бўлган ва 8 киши бедарак йўқолган.
Боливияда ёмғир мавсуми 2024 йилнинг ноябрида бошланган бўлса, сўнгги ҳафталарда вазият янада оғирлашди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу сўнгги 40 йилдаги энг кучли ёмғирлар ҳисобланади.







