Трампнинг божхона тарифлари Германия автомобиль саноатига жиддий зарба бермоқда
BMW ва Porsche даромадлари кескин пасайиши мумкин.

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп мамлакат ташқарисида ишлаб чиқарилган барча автомобиллар учун 25 фоизлик божхона божи жорий этганини эълон қилди. Бу қарор аллақачон мураккаб вазиятни бошдан кечираётган Германия автомобиль саноати учун катта зарба бўлди.
Германия автомобиль саноати иттифоқи раҳбари Хилдигард Мюллер ушбу божлар "эркин ва қоидаларга асосланган савдо учун ҳалокатли сигнал" эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу божлар компаниялар ва глобал таъминот занжирларига жиддий юк бўлиб тушади. Натижада истеъмолчилар, биринчи навбатда, АҚШда зарар кўриши мумкин.
АҚШ Германия автомобиль ишлаб чиқарувчилари учун энг йирик бозор бўлиб қолмоқда. 2024 йилда ҳар учинчи Porsche ва ҳар олтинчи BMW айнан АҚШда сотилган. Volksvagen ва Porsche даромадларининг 30 фоизга, BMW фойдасининг эса 37 фоизга пасайиши фонида янги тарифлар соҳани янада чуқур инқирозга олиб бориши мумкин.
Мюллернинг таъкидлашича: "Бу тарифлар АҚШ иқтисодиётига ҳам бевосита таъсир қилади. Натижада ҳар икки томоннинг ўсиш ва фаровонлигига зарар етади".
Германия автомобиль саноати иттифоқи Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида шошилинч музокаралар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен эса Брюссел бу муаммони мулоқот орқали ҳал қилиш йўлларини излашда давом этишини билдирди.








