Украинага халқаро тинчликпарвар миссиялар юборилиши мумкин
БМТ ва Ғарб давлатлари Украинада тинчликпарвар кучларини жойлаштиришни режалаштирмоқда.

Маълум қилинишича, Украинада иккита турли тинчликпарвар миссия ташкил этиш режаси муҳокама қилинмоқда.
Биринчи миссия БМТ етакчилигида бўлиб, унинг таркибига Осиё ва Жанубий Америкадаги давлатлар ҳарбийлари киритилиши мумкин. Улар орасида Ҳиндистон, Бразилия, Индонезия ва Саудия Арабистони тилга олинмоқда. Бироқ Индонезия расмийлари ўз тинчликпарвар кучларини Украинага юбориш бўйича ҳеч қандай сўров олмагани ҳақида баёнот берди. Ушбу миссиянинг асосий вазифаси – икки армиянинг тўқнашув чизиғини назорат қилиш бўлади.
Иккинчи миссия Ғарб давлатларидан иборат бўлиб, уларнинг кучлари Украинанинг Европа Иттифоқи билан чегараларида жойлаштирилиши мумкин. Манбаларга кўра, АҚШ ушбу операциялар учун барча зарурий логистика ва технологик ёрдамни, жумладан, ҳаво назорати, радар ва сунъий йўлдош тизимларини тақдим этишга тайёр.
Бироқ бошқа манбаларга кўра, Европа дипломатик доиралари Украинага қуруқликдаги қўшинлар юбориш эҳтимоли пастлигини таъкидлашмоқда. Бунга логистик қийинчиликлар, Россиянинг қаршилиги ва АҚШ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлаш йўқлиги сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шунга қарамай, айрим Европа давлатлари ҳарбий машғулотлар ёки бошқа ёрдам кўрсатиш учун ўз кучларини Украинага юбориши мумкин.







