Россия дронлари Днепрга ҳужум қилди
Россия 172 та дрон билан Украина шаҳарларига зарба берди.

Россия ҳарбий кучлари Днепр шаҳрига зарба берувчи дронлар билан ҳужум уюштирди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, тўртта хусусий уй бутунлай ёниб кетган, яна камида 10 таси зарар кўрган. Шунингдек, кўп қаватли уйлар, бошқа бинолар, омборхоналар ва автомобиллар шикастланди.
Ушбу ҳужум оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган ва 21 киши жароҳатланган. Улардан 13 нафари шифохонага ётқизилган.
Украина Қуролли Кучларининг баёнотига кўра, Россия Украина ҳудудига жами 172 та дрон билан ҳужум қилган. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими 94 та дронни уриб туширилган, яна 69 тасининг жойлашуви аниқланмаган. Днепропетровск, Харков ва Суми вилоятлари ҳужумдан жиддий зарар кўрган.







