Еврокомиссия генератив сунъий интеллектга катта сармоя киритади
"Рақамли Европа" дастури доирасида 1,3 миллиард евро ажратилди.

Европа Комиссияси 2025–2027 йилларга мўлжалланган “Рақамли Европа” дастури доирасида сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларига 1,3 миллиард евро миқдорида сармоя киритишини эълон қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи ижро ҳокимиятининг матбуот хизмати хабар берди.
Дастур доирасида маблағларнинг бир қисми генератив сунъий интеллект моделларини ривожлантиришга йўналтирилади. Ушбу технологиялар тижорат компаниялари, давлат сектори, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий парвариш тизимлари учун янада оммабоп ва қулай бўлиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, дастур қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
- Европа рақамли инновация марказларини (ЭДИҲ) қўллаб-қувватлаш – янги технологияларни ривожлантириш ва уларни бозорга чиқаришни тезлаштириш мақсадида;
- Муқим инфратузилмалар, хусусан, сув ости кабелларининг киберҳужумлар олдида ҳимоясини кучайтириш;
- Европа Иттифоқи давлат хизматларининг самарадорлигини ошириш – рақамлаштириш орқали бюрократик жараёнларни тезлаштириш ва такомиллаштириш;
- Таълим муассасаларида рақамли кўникмаларни ривожлантириш – янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ва рақамли технологиялар бўйича малакани ошириш.
Ушбу сармоя Европа Иттифоқининг рақамли суверенитетини мустаҳкамлаш ва минтақани глобал рақамли иқтисодиётнинг етакчиларидан бирига айлантириш мақсадида ажратилган.








