АҚШда фирибгарлар вақт чегарасини бузмоқда
2154 йилда туғилган фуқаро АҚШ ҳукуматидан 41 минг доллар талаб қилди.

АҚШ Ҳукумат Самарадорлик Департаменти (ДОГE) сўнгги пайтларда ижтимоий хавфсизлик тизимида рўй берган рекорд даражадаги фирибгарлик ҳолатларини фош қилди. Таъкидланишича, ўзини 2154 йилда туғилган деб таништирган шахс мамлакатдан 41 минг долларлик ишсизлик нафақасини талаб қилган.
Бироқ бу шунчаки ғалати даъво эмас эди. ДОГE томонидан олиб борилган текширувлар натижасида, 2040 йил ва ундан кейин туғилган деб кўрсатилган яна 9700 та ариза аниқланиб, уларнинг умумий суммаси 69 миллион долларни ташкил этгани маълум бўлди.
Шунингдек, 115 ёшдан ошган фуқароларнинг номидан топширилган 24,5 мингта ариза орқали 59 миллион доллар сўралган. Энг ҳайратланарлиси, 1 ёшдан 5 ёшгача бўлган болалар номидан топширилган 28 минг ариза орқали нафақа талаб қилинган — уларнинг умумий суммаси ҳам 254 миллион долларгача етган.
ДОГE раҳбари Илон Маск ҳолатга кинояли тарзда муносабат билдириб, "Ишонч билан айта оламизки, 115 ёшдан катта ҳар бир фуқаро аллақачон вафот этган ва уларнинг нафақа олишга ҳаққи йўқ", дея баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, ДОГE 2025 йил январида АҚШ ҳукумати томонидан коррупцияга қарши вақтинчалик идора сифатида ташкил этилган.







