Apple Индонезияда iPhone 16 савдосини тиклади
Apple компанияси эндиликда Индонезияда iPhone 16 смартфонларини расман сотиши мумкин.

Аввалроқ, 2024 йил октябрь ойида Индонезия ҳукумати Apple'га инвестицион мажбуриятларини бажармагани учун тақиқ қўйган эди. Компания дастлаб ишлаб чиқувчилар академиясига 109 миллион доллар ва маҳаллий ишлаб чиқаришга 10 миллион доллар сармоя киритган бўлсада, бу ҳукуматни қониқтирмади.
Натижада Apple таклиф этган қўшимча 100 миллион доллар сармоя ҳам етарли деб топилмаган. Индонезия ҳукумати компаниядан камида 1 миллиард долларлик сармоя талаб қилган.
Ушбу талаб бажарилгач, тақиқ олиб ташланди ва Apple 283 миллион аҳолига эга бу йирик бозорга расман қайтди. Тақиқ даврида мамлакатга атиги 9 минг дона iPhone 16 кириб келган эди, бу эса компания учун жиддий йўқотиш бўлган эди.
Энди эса Apple маҳсулотлари Индонезияда яна қонуний равишда сотилиши мумкин.







