Жанубий Кореяда метро қурилиши вақтида ер ўпирилиб тушди
Фожиа оқибатида бир киши бедарак йўқолган.

Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида барпо этилаётган метро туннелида 11 апрель куни дахшатли ҳодиса юз берди — йўлнинг ер усти қисми қулаб тушди. Оқибатда яқин атрофдаги бир нечта бинолар зарар кўрди, бир ишчи бедарак йўқолган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 15:13 да содир бўлган. Қурилиш олиб борилаётган туннель устидаги ер қатлами бирданига чўкиб тушган. Дастлаб, иншоотда ишлаётган беш ишчи билан алоқа узилган. Кейинчалик уларнинг уч нафари хавфсиз жойда экани аниқланган, яна бир ишчи билан алоқа тикланган, бироқ у ер остида қолиб кетган. Ҳозирда унинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Бедарак йўқолган ишчи — экссаватор машинисти бўлгани маълум қилинган.
Фавқулодда вазият сабабли шаҳар ҳокимияти қўшимча қулашлар эҳтимоли туфайли яқин атрофдаги аҳолига эвакуация буйруғини берган. Одамлар вақтинча маҳаллий мактабларга жойлаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳодиса содир бўлишидан бироз олдин қурилиш майдонида бир нечта таянчларда ёриқлар кузатилган ва бу бўйича хавфсизлик текширувлари бошланган эди. Шу сабабли туннель устидаги олти қаторли йўлнинг бир километрлик қисмида ҳаракат тўхтатилган.
Ҳозирда Жанубий Корея Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда POSCO E&C қурилиш компанияси вакиллари ҳодиса сабабларини аниқлаш ва объект хавфсизлигини баҳолаш бўйича иш олиб бормоқда.







