Туркияда сўнгги 10 йилдаги энг кучли совуқ қайд этилди
Айрим ҳудудларда ҳарорат минус 15 даражагача тушган.

Туркияда март ва апрель ойларида кескин совуқ тушиши кузатилди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Юмаклининг айтишича, 10-12 апрель кунлари айрим ҳудудларда ҳарорат минус 15 даражагача тушиб, қор ва дўл ёғиши қайд этилган. Айрим ҳудудларда эса ҳатто сўнгги 30 йилдаги энг паст ҳароратлар кузатилган.
Вазир Юмакли бу ҳолатни 2014 йилги қаттиқ аёзлардан кейинги энг йирик қишлоқ хўжалиги инқирози деб атади. Ноқулай об-ҳаво натижасида кўплаб фермерлар зарар кўрди. Давлат зарар кўрган ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўраётганини маълум қилди.
Фермерлар ўсимликларни совуқдан асрашга ҳаракат қилишмоқда. Шунга қарамай, энг кўп зарар ўрик, ёнғоқ, токзорлар, картошка ва пиёз етиштириладиган майдонларга етган. Малатя вилоятида 2014 йилги совуқларда ўрик дарахтларининг 80 фоизи музлаб қолган эди.







