Шимолий Кореяда йирик ҳарбий кема қурилмоқда
У ҳозиргача мавжуд кемалардан икки баравар катта бўлиши мумкин.

Сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратлар Шимолий Кореянинг энг йирик ҳарбий кемаси қурилаётганини кўрсатди. Шимолий Кореяни тадқиқ қилувчи 38 Нортҳ таҳлилий лойиҳасининг ёзишича, бу кема Шимолий Корея ҳарбий-денгиз кучларидаги мавжуд кемалардан икки баравар катта бўлиши мумкин. Суратлар 6 апрель куни олинган бўлиб, уларда Пхеняндан 60 километр жануби-ғарбда жойлашган кемасозлик заводидаги ҳаракатлар акс этган.
Таҳлилларга кўра, бу ҳарбий кема камида 26 мартдан буён кемасозлик заводида мавжуд. Қурилиш ишларининг илк аломатлари эса 2024 йилнинг май ойида пайдо бўлган. Кеманинг асосий қисмлари устахонада йиғилган, бу эса сунъий йўлдош кузатувини мураккаблаштирган. 38 Нортҳ портда янги қурилиш материаллари ва компонентлар кўпайганини ҳам қайд этди, бу Пхенян бир нечта шунга ўхшаш кемаларни қуришга бел боғлаганидан дарак беради.
Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, кеманинг узунлиги тахминан 144 метрни ташкил этади. Бу кема бошқариладиган фрегат (ФФГ) бўлиб, у зенит ва кемага қарши ракеталарни учириш имкониятига эга бўлиши мумкин. Кема ҳозирча тўр билан ёпилган бўлиб, атрофида қурилиш кранлари жойлашган.







